13.05.2018

Web технологиялар ва уларнинг турлари


Интернет ва интернет технологиялар замонавий жамият ҳаётига жадал суръатларда кириб келди ва ундан мустаҳкам ўрин эгаллади. Улардан таълим тизимида фойдаланиш борасида ҳам катта тажрибаларга эришилди. Бироқ, таълим парадигмаларидаги ўзгаришлар асосида Интенет технологияларида юзага келаётган тадрижий ўзгаришлар Интернетнинг дидактик имкониятларини аниқлашда қийинчиликларни юзага келтирмоқда.
Интернет тараққиётининг замонавий босқичи Web 2.0 технологияларининг ривожи билан белгиланади. Жумладан, YouTube, Википидия, блоглар, ижтимоий тармоқлар ва бошқалар Web 2.0 га хос бўлган анча машҳур технологиялардир.
Web 1.0 нинг биринчи авлоди 1990 йилларнинг бошида, WWW ишлаб чиқилган пайтда, 2005 йилда бутун жаҳон ўргимчак тўрининг иккинчи авлоди – Web 2.0 ёки Cloud Computing пайдо бўла бошлаган. 2005 йил 30 сентябрда “O'Reilly Media” компаниясининг президенти Тим О'Рейлли муомалага Web 2.0 терминини киритган ҳолда, “Web 2.0 нима?: дастурий таъминотнинг кейинги авлоди учун схемалар, дизайнлар ва бизнес моделлар” номли мақоласи эълон қилинган. 2005 йил октябрда “Компьютерра” журналида шу мақола рус тилида нашр қилинган.
Тим О'Рейлли Web 1.0 ва Web 2.0 нинг қиёси ва чуқур таҳлилини ўтказишга муваффақ бўлди. Шунингдек, у қуйидаги изоҳни келтиради: "Web 2.0 - тизимларни лойиҳалаш методикаси бўлиб, тармоқлараро муносабатларни ҳисобга олиш йўли билан аниқланишича қанча кўп одам ундан фойдаланса, у шунча такомиллашиб, тобора яхшиланиб боради” [1].
Янги тармоқ аввалги даврлардаги гигант ҳисоблаш машиналарникига ўхшаш тузилишга эга бўлиб, барча дастурлар Web 2.0 портали сайтларининг серверларига жойлаштирилади, уларга кириш учун эса фойдаланувчиларга фақат web интерфейс (браузер) керак бўлади.
Web 2.0 аввалги авлод Интернетнинг ажралмас бир қисми бўлиб, у билан бир бутунни ташкил этади. Қолаверса, Web 2.0 Интернет тараққиётининг мантиқий пойдеворига айланди. 1960 йилларда файлларнинг архивлари пайдо бўлди. 1990 йилларнинг бошларида ахборотли ўргимчак тўри юзага келди. 1990 йилларнинг охирлари эса ICQ, электрон почта, форумлар, эълонлар доскаси, янгиликлар гуруҳи каби кенгайтирилган мулоқот (коммуникация) сервисларининг пайдо бўлиши билан машҳур бўлди. 2005 йилдан бошлаб Web 2.0 тушунчасига мос равишда контент шаклланишида фойдаланувчиларнинг фаол иштирокига асосланган сервислар пайдо бўлди. Web 1.0 нинг ўзига хослиги шундаки, сайтларнинг контенти ўз соҳиблари томонидан яратилган, фойдаланувчилар эса ҳеч қандай таъсир ўтказмаган ҳолда сайтларга кириб, керакли контентларни кўчириб олишган. Web 1.0 фойдаланувчиси – контент истеъмолчиси, сайт эса – ахборот манбаи. Ўша пайтдаёқ, ахборот ташувчиларда ёки сайтлардан маълумот кўчиришда дастурий таъминот устунликка эга бўлди. Web 2.0 нинг яратилиши оқибатида фойдаланувчиларнинг ўзлари контент яратишади ёки ўзгартиришади. Кўплаб дастурларга кириш, эгалик қилиш имконияти фойдаланувчилар томонидан шахсий компьютерга ўрнатиш ёки кўчириб олиш заруратисиз, бевосита Web 2.0 сайтнинг ўзида мавжуд бўла бошлади. Web 2.0 сайти шундай бир майдон, фазоки, унда фойдаланувчилар ўз фаоллигини намоён қилишади. Уни контентлар коллекцияси деб атаб бўлмайди, чунки контент ҳамиша ўзгариб, янгиланиб туради.
Web 2.0 сайтларининг асосий жиҳати, қиёфаси функционалликдан иборат бўлган дизайнга эга. Негаки, қоидага мувофиқ, сайт дизайни ўз ижодкорлари, ишлаб чиқарувчиларининг фалсафасини ифодалайди, акс эттиради. Web 2.0 сайтлари ахборотни фойдаланувчиларга тез ва самарали етказишга мўлжаллаб безатилган. Сайт яратувчилари берилган услубни минимализм сифатида баҳолайдилар. Минимализм рангли безакларда ҳам кузатилади.
Web 2.0 сайтларининг аксарияти оддий ранглар гаммаси, хусусан оқ-қора бўлиши билан характерланади. Одатда ортиқча бурамаларсиз, думалоқ шрифтлар етакчилик қилади. Матн текисланади, унинг атрофида эса оқ ёки фон рангида етарли катталикда бўш жой қолдирилади. Зарурий ҳолларда ингичка чизиқлар киритилади, дизайн аниқ, сарлавҳалар йирик, фон оқ ёки оч рангда бўлади. Шундай қилиб, дизайн фойдаланувчилар учун қулай бўлган содда web яратиш имконини беради.
Web 2.0 интерфейс. Буларнинг барчаси уларнинг  юзабилити (халқаро стандартларга кўра ISO 9241-11, юзабилити (инглизча-usability) – маҳсулотнинг маълум бир контекст шароитида маълум бир фойдаланувчи томонидан маълум бир мақсадга етишиш учун юқори самарадорлик сифат ва мамнуният билан ишлатиш бочқичи)ни оширади [2].
Технологик жиҳатдан Web 2.0 янгиликлар синдикацияси (RSS), web- сервислар (API) ва улар асоси аралаш сервислар, шунингдек асинхрон JavaScript ва XMLдан фойдаланиш билан характерланади [3, 63 с.].
Санаб ўтилган технологиялар Web 2.0 сайтларининг функционаллигини, қўлланишдаги оддийлигини ва фойдаланувчига нисбатан безарарлигин  таъминлайди; саҳифалар фойдаланувчининг ҳар бир ҳаракатидан кейин тўлиқ қайта юкланмайди; дастурлардан параллел равишда фойдаланиш мумкин; бир манбанинг ўзидан чексиз кўп сайтларда фойдаланиш, уни кузатиш мумкин.
Web 2.0 нинг барча форматларидаги ҳамма материаллар яратувчилари томонидан белгилаб қўйиладиган махсус белгилар – “тэг”ларга эга. Биринчидан, белгилар янги таснифни  фолксономияни ҳосил қилади. Иккинчидан, янги тасниф бошдан охиригача ноиерархик (нопоғонавий) ресурслардан иборат бўлиб, қидирувнинг янги имкониятлари, яъни турли туман ахборотлар оқимидан кераклисини, аввал ўхшаши учрамаганини топишни осонлаштиради.
Янги авлод Интернетининг барча техник қулайликларига қарамасдан, Web 2.0 даги барча сайтларнинг тўлиқ переориентациясига тўсқинлик қилувчи қатор камчиликлар мавжуд. Булар 2.0 сайтларининг доимий боғланишга юқори даражада, бевосита боғлиқлиги ва замонавий инфраструктуранинг бевосита браузернинг ўзида катта ҳажмдаги ҳисоблашларни бажаришга бўлган суст мослашувчанликдир. Фойдаланувчи учун эса бундай сайтлар шахсий ахборот ва маълумотларнинг ошкоралик хавфини юзага келтиради.
Web 2.0 сервислари хусусиятларининг ўзаро ўхшаш ва умумийлигига қарамасдан алоҳида олинганда уларнинг ҳар биридан таълимда аниқ бир мақсадларда фойдаланилади. Энг аввало, булар – закладкалар ижтимоий хизмати, полимедия файлларининг биргаликда сақланиши (масалан YouTube), вики-вики технологиялари, алоқа ва муносабатлар диаграммалари, лойиҳавий фаолият учун дастурий таъминотларни таклиф қилувчи сайтлар, подкастлар ва бошқалар.
Маълумки, Интернет қатор дидактик функцияларга эга [4, 157 с.]:
1.  Ахборот бериш функцияси (оммавий ахборот воситаси; электрон кутубхона; ахборотли маълумот манбаи);
2.  Коммуникатив (мулоқот) функция (кундалик мулоқот; касбий мулоқот);
3.  Иқтисодий  функция (махсулот ва хизматларнинг, жумладан, Интернет хизматларининг савдоси; молия-банк ҳисоб-китоблари ва операциялари);
4.  Таълим бериш ва ўргатиш функцияси (масофавий таълим; мустақил таълим ва мустақил фаолият; малака ошириш);
5.  Ижтимоий функция (мулоқот-ижтимоийлашув жараёнининг бир бўлаги сифатида; ижтимоий тармоқлар ва лойиҳалар);
6.  Бошқариш функцияси (электрон ҳокимият; компания ва ташкилотлар бошқаруви; таълим тизимидаги бошқарув);
7.  Психологик функцияси (шахс ривожланиши учун тажриба майдони; интернет билан боғлиқ фаолият натижасида шахс ўзлик кўрсаткичининг ўзгариши (мотивациялар, “мен” концепцияси тузилишида, қадриятларни англашдаги ўзгаришлар); интернет аддикцилар – хулқ атвор феноменологияси спецификацияси (тармоғи); Интернет – мулоқот (коммуникация) анъанавий ижтимоий амалиётнинг янги воситаси сифатида);  
8.  Кўнгилочар функция (ўйинлар; видео-, аудио-, мультимедиа; интернет-жамоаларда мулоқот).
Қизиғи шундаки, санаб ўтилган функциялар бир-бирининг мантиқий давоми бўлиб, қисман бир-бирини такрорлайди. Масалан, ижтимоий функция мазмунида мулоқот, ахборот, бошқарув, таълим ва ўргатиш, кўнгилочар функцияларнинг элементлари мавжуд. Таълим бериш, ўргатиш функцияси ахборот функцияси, хусусан, унинг ахборот, маълумот манбаи функцияси билан қисман мос келади. Шунингдек, мазмунан кўнгилочар ва ижтимоий функцияларнинг элементларини ҳам ифодалайди. Масофавий таълим шаклида таълим-тарбия жараёнларини амалга ошириш учун уни ташкил этишда Интернетни касбий мулоқот воситаси сифатида жалб қилишни тақозо этади.
Шубҳасиз, Интернет моҳиятини ўзида ифодаловчи асосий функциялар бу – ахборот алмашиш ва мулоқот функцияларидир. Бироқ Web 2.0 технологияларини пайдо бўлиши каби ҳолларда, тараққиёт натижасида исталган тизим функциялари ўзгаришларга учрайди.
Таълимда Web 2.0 сайтларидан фойдаланишнинг инновацион хусусияти ресурсларни ҳамкорликда яратиш ва улардан фойдаланишдир.
Мазкур ўзига хослик таълим тизимида Интернетдан, хусусан, Web 2.0 технологиялардан фойдаланишнинг дидактик тамойилларини ўзгартиради.
Web 2.0 технологияси пайдо бўлгунга қадар интернет ва интернет технологияларидан таълим тизимида асосан таълимнинг индивидуал шаклларида фойдаланилган. Мулоқотнинг жамоавий шакллари мавжуд бўлган бўлсада, мазкур технология билан боғлиқ фаолият якка тартибдалигича қолаверган.
Web 2.0 технологияларининг ҳамкорликда яратилиши ва фойдаланилиши таълимда жамиятлараро амалга оширилувчи жамоавий таълим шакллари ва методларини жорий этишга туртки бўлади.